Юсуф Жума шарафига

Дадахон Ҳасан

Бухорийнинг авлоди

Бухорийнинг авлоди деб тутайин сани,
Фарғонага келмоғингни кутайин сани,
Ташрифингни бошимга тож этайин сани,
Юсуф Жума Бухорога олиб кет мани.

Неча аср зулм ютди, қон ютди элим,
Бобур Мирзо келарму деб кўз тутди элим,
Бугун хону-беклигини унутди элим,
Юсуф Жума Бухорога олиб кет мани.

Бугун мен ўз аҳволимдан уятда қолдим,
Ичим тўла дард ва алам ғурбатда қолдим,
Бир ёруғ нур тополмайин зулматда қолдим,
Юсуф Жума Бухорога олиб кет мани.

Токай кўкни ҳасратларга тўлдирар бу эл?
Қачон қўрқув балосидан қуртилар бу эл?
Токай уйда дўппи тикиб ўлтирар бу эл?
Юсуф Жума Бухорога олиб кет мани.

Фарғонани сен мардларга кон деб ўйлама,
Хожиларга Алпомишдан достон сўйлама,
Дада Бўзқурт бас қил энди сен ҳам куйлама,
Юсуф Жума Бухорога олиб кет мани.

2000 йил апрель

****

Юсуф Жумага насиҳат

Элим дейсан элинг сенга боқмайди-ку
Сенинг билан бир ўзанда оқмайди-ку

Куйлагайсан бу эл дардин фиғон айлаб
Кеча кундуз юрак бағрингни қон айлаб

Жабр кўрсанг сендан дарҳол қочадилар
Меҳрин эмас сенга заҳрин сочадилар

Бу эл кимларни билганди сени билса,
Меҳрибоним деб сенга эътибор қилса

Бу элдан бош олиб ҳаргиз кетолмайсан
Бу эл бирла муродга ҳам етолмайсан

Бу қул авлодидан мардлар туғилмайди
Аҳил бўлмайди куч қудратга тўлмайди

Элим деб дард чекиб оҳу-фиғон қилма
Бекор беҳудага дод деб бағринг тилма

2002 йил

****

Юсуф Жума ҳасрати

Менга ҳукм ёздилар ҳар кун
Менга қабр қаздилар ҳар кун
Мени дорга осдилар ҳар кун
Ҳақиқатни айтганим учун

Зиндонларда тутдилар мени
Аждар бўлиб ютдилар мени
Ўлмоғимни кутдилар мени
Ҳақиқатни айтганим учун

Ўлдирдилар ўлмадим нетай?
Золимга дўст бўлмадим нетай?
Сира ўйнаб кулмадим нетай?
Ҳақиқатни айтганим учун

Умр этмадим мадҳ этиб мақтаб
Кун кўрмадим фақат шул сабаб
Умр ўтқаздим оҳу-зор айлаб
Ҳақиқатни айтганим учун

Элни севмоқ ҳам гуноҳ экан
Қўлларимга солдилар кишан
Менга ватан бўлмади ватан
Ҳақиқатни айтганим учун
2011 йил

****

Насиҳат – 2

Улус дардин билмайди булар
Йиғламайди кулмайди булар
Юрт деб бағрин тилмайди булар
Булар билан тенг бўлма Юсуф

Булар юрт деб алам ютмаслар
Кўкракларин ўққа тутмаслар
Бу дунёдан йиғлаб ўтмаслар
Булар билан тенг бўлма Юсуф

Билиб қўй сен ахир шоирсан
Гоҳ Машрабсан, гоҳо Бобурсан
Ўт оловсан кескир шамширсан
Булар билан тенг бўлма Юсуф

Сени чунон талайди булар
Уйингга ўт қалайди булар
Раисларин ялайди булар
Булар билан тенг бўлма Юсуф

Фидойига кафан бичарлар
Долар деса елдай учарлар
Ўзбекман деб қасам ичарлар
Булар билан тенг бўлма Юсуф

Қурвақадай вақирлашади
Бир-бировин таҳқирлашади
Булар қачон тадбирлашади?
Булар билан тенг бўлма Юсуф

Деган барча сўзлари ёлғон
Нигоҳлари кўзлари ёлғон
Соқол босган юзлари ёлғон
Булар билан тенг бўлма Юсуф

Мухолифат экани ёлғон
Курашчиман дегани ёлғон
Ҳалол луқма егани ёлғон
Булар билан тенг бўлма Юсуф

2012 йил

ххх

Сен мевали дарахтсан Сенгада тош отмишлар
Сенга тош отганлар ўз нажасига ботмишлар
Булар этингни бурдалаб шўрва солмоқчилар
Бир бўлагин қази учун кесиб олмоқчилар
хххх

Юсуф Жума бошингни кел бошимга қўй
Ватан-ватан дея йиғлайлик юм-юм
Ватан фироқида ёнайлик шу кўй
Танимиз хок бўлиб қолсин бир уюм
ххх

ЮсуФ Жума деганларин жон ўзбегим уқса эди
Ўзбегим яна битта Юсуф Жума туғса эди

Det här inlägget postades i Шеърлар. Bokmärk permalänken.

En kommentar till Юсуф Жума шарафига

  1. Doston. skriver:

    Dadaxon aka sizni bu vatanga kuyinib gapirganlaringizni korib meni ham ichim yonyapti yoshim 19 da sizni ijodingiz bilan yaqinda tanishdim kozimni ochgan siz bolasiz oq va qorani tanishimda siz menga ustoz boldingiя siz va Yusuf Jumadek inson bolmoqchiman oylaymanki siz hali minglab insonlarni kozini ochasiz biz kutgan damlar yaqin sizga omad yor bolsin

Kommentarer inaktiverade.