Дадахон Ҳасаннинг биринчи муҳаббати

Халқимизнинг севимли ҳофизи, исёнкор қўшиқлар ва шеърлар муаллифи Дадахон Ҳасаннинг “Лайло” қўшиғини тинглаб ўйга толмаган, кўнгил дунёсини ширин бир орзиқиш, адоқсиз севги-муҳаббат, тушуниксиз дарду андуҳлар эгалламаган инсон топилмаса керак. Дадахон Ҳасанни дунёга танитган “Лайло” қўшиғинини тинглаб наҳотки бу қўшиқ  шеър муаллифи, марҳум шоир Рауф Парфининг ички изтиробларинигина ифода этган бўлса? дея хаёлга толаман. Ахир бу қўшиқ Дадахон Ҳасаннинг кўнгил нолалари-ку! Чексиз-чегарасиз мунг ва дард билан айтилган бу қўшиқ беихтиёр инсонни сеҳрлаб олади. Яна қайтадан “Лайло”ни эшитгингиз келади.
Нега “Лайло” бу қадар машҳур бўлиб кетди? Дадахон Ҳасан бу қўшиқда ўз дарду андуҳларини, ўз муҳаббатини ҳам тараннум этмаганмикан?
Севимли ҳофизимиз менинг бу саволларимга бажонидил жавоб беришга рози бўлдилар.

Юсуф Расул: -Дадахон ака, “Лайло” сизни биринчи муҳаббатингиз ҳақида айтилган қўшиқ эмасми?

Дадахон Ҳасан: -Менинг биринчи муҳаббатим Водийдан эди. Уни 1965-йили учратган эдим. 1966-йили турмуш қурдим. У билан 40 йил қантдай яшадим. Не тил билан айтайки, у мени бу дунёда зор-зор йиғлатиб у дунёга кетди. У бевафолик қилди. Эй воҳ, эй воҳ! У кетди. “Мен ёлғизман овозим ёлғиз”.

Ю.Р.: “Лайло” қўшиғини бу қадар эзилиб, қалбдан чиқариб айтишингиз сабаби нимада?

Д.Ҳ.: -Мен ҳар қандай мавзудаги қўшиқни юракдан берилиб куйиб-ёниб айтаман. Чунки мен куйган бандаман, чиндан ҳам Машрабман. Онамнинг ҳикоя қилишларича мен она қорнида бир марта эмас 3 марта йиғлаган эканман.
Қўшиқни мажнун бўлиб айтаман. Ҳофиз аслида девона ошиқ бўлиши керак, у ошиқ бўлмаса, мажнуни девона бўлмаса унинг айтган қўшиқлари қўшиқ бўлмайди. Тингловчига етиб бормайди. Баданини жимирлатмайди.
“Лайло”га қайтсак. Бу шеър менинг эллик йиллик (биз абитурентлик кунларимизда танишган эдик) дўстим, курсдошим Рауф Парфиники. Шеър зўр эди. Зўр шеърга муносиб оҳанг топганман. Натижада оламшумул, девонавор бир қўшиқ дунёга келган. “Лайло” даражасидаги иккинчи бир қўшиқни ярата олмай, армон билан қаридим. Рауфни 20дан ортиқ шеърини куйлаганман.

Ю.Р.: Умуман муҳаббатга ишонасизми?

Д. Ҳ.: -Албатта, мен чин муҳаббатга ишонаман.
“Хар кишининг ишқи йўқ бўлса анинг иймони йўқ “ дейди Боборахим Машраб.
Баъзи чаласаводлар “Муҳаббат эски нарса, уни ҳар бир юрак янгилайди” деган Ҳожи Тақтош дейишади. Йўқ, бу фикрни биринчи бўлиб Муҳаммад Фузулий ўзларининг “Ёзалар ” радифли ғазалида айтганлар. Инсон бу оламда фақат муҳаббат туфайли яшайди. Муҳаббатга суяниб яшайди. Муҳаббат инсоннинг асосидир. Муҳаббат инсонни ўйлатади, сўйлатади, куйлатади, йиғлатади.
Яшасин муҳаббат!

Суҳбатдош: Юсуф Расул.

www.yangidunyo.com

Det här inlägget postades i Суҳбатлар. Bokmärk permalänken.