Дадахон Ҳасан ҳаётидан ҳангомалар

 Жамолиддин Муҳаммад,
Қўқон.

(Романдан парчалар)

Халқ ҳофизи Дадахон Ҳасанга бағишланади.

Ниҳоят, 1989 йилнинг 28-май куни Дадахон бир неча йиллардан буён орзу қилиб юрган халқ фронтининг таъсис қурултойи бўлиб ўтди. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси биносининг катта зали делегатлар билан лиқ тўлди ва бир қанча одамлар ташқарда ҳам қолиб кетди.
Қурултойда кўриладиган масала асосан учта эди.
1. Халқ фронтининг номланишини кўриб чиқиш.
2. Дастур ва Низомни кўриб чиқиш.
3. Марказий Кенгаш ҳайъати ва Раисини сайлаш.
Бир қанча қизғин мунозаралардан сўнг халқ фронти “Бирлик” халқ харакати” деб номланадиган бўлди. Ҳаракат раҳбарларини сайлашда эса, делегатлар Дадахоннинг водийлик делегатларга берган маслаҳати ва тавсияси билан, “Бирлик” халқ ҳаракати раислигига Мухаммад Солиҳ номзодини таклиф этишди. М. Солиҳ эса, ўшанда энг катта хатога йўл қўйди. У минбарга чиқиб, ўз номзодини қайтиб олди.
-Бу ҳаракатга Абдураҳим Пўлатни мен ўзим олиб келганман. Ҳаракатга раис қилиб Абдураҳим Пўлатни сайлашларингни сизлардан сўрайман!- деди.
Залга бир зум совуқ жимлик чўкди.
Солиҳ, эҳтимол, ўшанда “жентелмен”ларча иш тутган бўлиши мумкиндир. Бироқ М.Солиҳнинг биринчи энг катта хатоси ва энг катта бой бериши шу бўлган эди.
“Бирлик” халқ ҳаракати ана шу 28 май куни ўз обрў-эътиборини йўқотишга юз тутган эди. Энг қизиғи шуки, ана шу қурултойда сўз сўраб қурултой бошқарувчисига бир неча бор мурожаат қилишига қарамай, ҳаракатнинг асосий ташкилотчиси бўлган Дадахон Ҳасанга қурултойда сўз берилмади. Ўшанда қурултойни олиб борган Олим Каримовнинг кейинчалик ҳикоя қилишича, Дадахон Ҳасанга сўз берилишига Абдураҳим Пўлатов кескин қаршилик қилган экан.
Демак, сувнинг боши ўшандаёқ лойқа экан, балиқ бошидан айний бошлаган эканда, ажабо!
х х х

Маддоҳлардан бири

Талабалик йилларидан буён Дадахон билан қалин дўст бўлиб юрган бир шоир саксонинчи йилларнинг охирига келиб, Дадахондан ўзини узоқ тутиб қолади. Кунлардан бир куни эса у Дадахонни кўриб, “Ҳа, оқсоқол, нима бўлди? Ленин бовамиз мавзолейдан бошини кўтариб, бошидан шапкасини олиб, сизлардан кечирим сўрасинми, билмай инқилоб қилиб қўйибмиз деб. Горбачев ракеталар калитини сизларга берсинми, манглар, қаёққа қараб отсаларинг, отаверинглар, деб. Юртни мустақил қиламиз деб югур-югур қилиб, тўзиб юрганмишсизлар. Бизга ҳеч қанақанги мустақиллик керак эмас, биз иттифоқдан сираям ажрамаймиз, “айрилганни бoри ер”. Москва бизнинг жонажон пойтахтимиз, биз жуда катта державамиз” деб Дадахонга қаттиқ иддаолар қилган ва у билан ўртадаги алоқани бутунлай узиб, хатто у билан салом-алик ҳам қилмай қўйган эди. Чунки ўшанда Дадахон СССР хукуматига мухолиф бўлиб, бугунги мустақиллик учун курашиб юрган пайтлари эди.
Қисқаси ўшанда “Бирлик”нинг энг гуллаган чоғлари эди. Афсусларки, ўша халқ шоири Дадахон билан ҳатто бугун ҳам тескари. Чунки Дадахон ҳануз мухолифат сафларида. Пошшопараст шоир эса бугун мустақиллигимиз тўғонининг бошида. “Юқори”нинг тўтиси-ю, лаббайчиси ва айниқса дастёрига, маддоҳига айланган. У олмаган унвон-мукофот-у, орден ва медал қолмади. Бугун у ҳатто Ўзбекистон қаҳрамони, Олий мажлиснинг доимий депутатидир.
Афсус ва надоматлар бўлсинки, бугунги мустақиллигимизни ўша вақтларда, яъни совет даврида сираям истамаган, СССРдан ажрамаймиз деб айюханнос солиб, Дадахоннинг “ёқасидан олган”, демакки, халқимизнинг асрий орзу-армонларига қарши турган Московпараст шоир бугун эса маддохизм асосчиларидан бири Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов эди. Афсус ва надоматлар бўлсинки бугун у ҳам бошқалар қатори қаҳрга учраган. Чунки у бир марталик эди-да.
Бағри қора бир марталик
Дадахон Хасаннинг топган шуҳратига рашк қилиб, унинг равнақ топиб янада юксалмоғига монийлик қилиб юрган миллати ноаниқ (эшитишимизча, у Кавказдан сургун қилинган курдларнинг шил уруғига мансуб экан) бир хонанда сифат маддоҳ 1989 йилнинг 30-сентябръ куниси хозирги мустақиллик майдонида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишини талаб қилиб, кўп минг кишилик намойиш ўтказаётган “Бирлик” халқ ҳаракати ва унинг барча саъй-ҳаракатларига қарши уюштирилган концертда ўша кун айни соатларда “Халқлар дўстлиги” саройида Тошкент шаҳрида таълим олаётган талаба ёшлар ва уларнинг ота-оналарига қарата саҳнадан туриб, қуйидагича иғвогарона нутқ сўзлаб фитна тарқатган эди.
“Анови Бирлик-сирлик деган имонсиз кимсаларнинг сўзларига учиб, у қора гурухга қўшилиб қолманглар, улар яхши инсонлар эмас, улар бизни СССРдан ажратмоқчилар. Биз ҳеч замонда Москвадан ажрамаймиз. Сизлар ҳақиқатан ҳам менинг чин мухлисларим бўлсаларингиз, “Бирлик” деган нарсага яқин борманглар, охиратларинг куйиб кетади. Ана бугун ҳам улар Ленин майдонида “ўзбек тили давлат тили бўлсин!” деб кекирдакларини йиртиб бақир-чақир қилишяти. Сизлар “Горбачёвга нидоларим бор” “ёвга қарши қўзғалинг” деб қўшиқ айтган анови Дадахон Хасанов деган душманимизга эргашманглар”, деб, бу ерга йиғилган томошабин ёшларга ўзининг “Замон, замон, бизнинг замон, бахтли замон бизники, еру осмон барча имкон бизники” деган сохта қўшиғини роппа-расо бир соат давомида ижро этиб, “юқори”га дастёрлик қилган эди. Унинг бу чиқишлари Ўзбекистон телевидениясининг ахборот дастурида бир неча бор қайта-қайта кўрсатилди.
Ана шу бағриқора сарой ҳофизи совет даврида ҳам Дадахон Ҳасаннинг шуҳратини пасайтириш учун муттасил ҳаракатларда бўлган. Телевидение раҳбарлари билан тил бириктириб Дадахонни телеэкранда қўшиқ айтишига монийлик қилган. Шунингдек “санъат” журналининг муқовасида эълон қилинаётган Дадахон Ҳасан суратини ҳам олдириб ташлаган эди… Чунки журналнинг бош муҳаррири билан оилавий “қадрдончилиги” бор эди.
Ўзбекистонимиз мустақилликка эришгандан кейин ҳам, ўша “сарой хофизи” “юқори”нинг тўтиси-ю, маддохи бўлиб, катталарнинг “севимли” дастёрига айланди. Жумладан, 1992-93 йилларда Тожикистондаги воқеаларда қатнашиб у ерда нима гап, нима сўз бўляпти, бу жараёнларда Ўзбекистондан кимлар иштирок этяпти ва у ерда қандай режалар тузилаётгани, айниқса Душанбедаги воқеалар Ўзбекистонга қараб қанот ёзадими йўқми, шулар ҳақида Тошкентга ахборот етказиб, жосуслик вазифасини бажарган экан. Шунинг-дек у бир муддат “катта”нинг ёнида у ёқ бу ёқларга бирга бориб, “катта”нинг чамадонини кўтариб ҳам юрди (жумладан, Саудия Арабистони ва Туркияга). Қилган барча “буюк” балки-да баъзи “нозик хизматлар”и эвазига у бир муддат Ўзбекистон Олий Мажлисига депутат ҳам бўлди, халқ артисти деган мақомларга эришди. Бироқ, кейинчалик у ўз одобсизлиги туфайли қаҳрга учради, бир марталикнинг қисмати шуда. Сўнгра у барча “иссиқ қучоқлар”дан тушди.
Босқинчи совет давлатига, тўғрироғи, унинг қўғирчоғи бўлмиш Тошкент ҳукуматига “дастёрлик” қилган шу малай “Бирлик” халқ ҳаракатига қарши, демакки, 28 миллионлик ўзбек халқининг мустақиллиги учун қилган курашларига монелик қилган ўша бегона юзиқора кимса қўғирчоқ ҳукуматнинг “қўғирчоғи” Шерали Жўраев эди. Сохта шон-шуҳрат учун ҳар бир замонга мослашиб турланиб-тусланиб тургувчи, барча подшо ва ҳукуматларга қараб жилва қилгувчи ўша қўғирчоқ ўйинчи ҳали-ҳануз подшони шарафлаб унга бағишлаб Тожикистонлик Сирожиддин Саид шеъри билан “дунёнинг юки султондадир” “эгаси бор юртнинг эртаси бор, отаси бор”деб қўшиқ айтиб, маддоҳлик қилиб юрибди.
Дадахон Ҳасан Андижон қатлиомига қарши бир нечта қўшиқлар айтиб қатлиомни уюштирувчи ва ижрочиларига ўз қаҳру ғазабини, нафратини ифода этиб турган кунларда Шерали Жўраев эса “Озодлик” радиосининг мухбирлари Андижон фожеалари хусусида фикрини билиш учун уни излаганда мухбирлардан қочиб юрган, уларга тутқич бермаган. Қатлиомдан жон сақлаш учун Қирғизистон ҳудудига қочиб ўтган Андижонликлар ҳузурига бориб уларни Андижонга қайтишга даъват этган. Уларни Андижонга қайтариб яна ўққа тутдирмоқчи бўлган. Аммо қочқинлар уни тош бўрон қилиб у ердан ҳайдашган экан.
Бечора аввалги мавқеини тиклаш учун “қаро тер”га ботиб ҳаракатлар қиляпти, ўртага Жўрабеков ҳамда Озод Шарафиддиновларни ҳам қўйди, бироқ аввалги муносабат тикланмади. Шунчалар садоқат кўрсатса ҳам аввалги жозибали эътибор ўз ўрнига келмади, яраш шартномаси имзоланмади, синган коса аслига қайтмади, аввалги мавқей тикланмади.
Кечириш фақат бир марта бўлар экан-да, баҳор аллақачон кетиб бўлган экан. Баҳор қайтмаяпти. Бағри қоранинг қисмати шу-да.

Учинчи ҳангома

“Қўлга тушдингми, Туркистончи! Қўлга тушмай қаёққа борардинг, барибир сен ва сендақаларнинг тақдири айнан мана шу ерда ҳал бўлади. Прокурор ҳам, терговчи ҳам, адвокат ҳам, суд ҳам, барча-барчаси менинг ўзимман. “Юқори”га сенинг ўлиминг керак. “Бу вайсақи фидойини менга ўлдириб берасанлар” – деб “юқори”нинг ўзи буюрган. Мана шу лом билан пешонангга битта ураман, ўласан. “Бошини темир каравотга уриб, ўзини-ўзи ўлдирибди” деб протокол ёзиб, чиқариб юбораман. Киминг бор, келиб, менга рўбарў келадиган?  Айт-чи, ким сенинг ишонганинг, посбонинг?
Президентлик сайловида Муҳаммад Солиҳни мақтаб, роса сайрадинг-а, сайрадинг! “Катта”ни ёмонлаб, ўша шоирингни кўкларга кўтардинг! Ким бўлибди ўша шоир? Кроссвордчи шоир! Унинг ёзган шеърини ҳеч ким тушунмайди-ю?! Яна у президент бўладими? У шеърини ёзиб юравермайдими?! Унга ким қўйибди президент бўлмоқни! Охир-оқибат кўрдинг, у чет-элга қочиб кетди! У учун эса сен жавоб беряпсан! У чет-элда ялло қилиб юрибди. Жабру жафони эса сен тортяпсан!
Сенинг қорнингда анчагина гаплар бор. Ана шу гапларни айт бизга! Қорнингни бўшат! Сендан бошқа талабимиз йўқ. Бизнинг қўлимиздан ҳар бало келади. “Катта” сенинг жавобларингни кутиб ўтирибди юқорида. Эсингни йиғиб, ақлингни ишлатиб, бу ердан эсон-омон чиқиб кетишни ўйла! Хорижда кимлар билан кўришдинг сухбатлашдинг? Улар сенга нималар хақида гапирдилар? Ҳаммасини ёзиб бер!”
Дадахонга ёвқараш қилиб жаҳл билан ўшқирган эди ўшанда ички ишлар вазирлиги ертўласида катта лавозим эгаси бўлган полковник рутбасидаги Тоҳир Муллажонов.
“Мени Қўқондаги воқеаларда ёмон отлиққа чиқариб гапириб касета тарқатган эдинг. Мана энди навбат бизга келди, қасос олишнинг навбати. Бир вақтлар менинг обрў-эътиборимни оёқ ости қилган эдинг. 1989 йил 7-июнь куни Қўқон шаҳар милиция ходимлари томонидан тинч аҳоли ўққа тутилди ва фалончи-фалончилар отилган ўқлардан ҳалок бўлдилар, деб кассета тарқатган эдинг. Оқибатда мени Қўқон шаҳар ички ишлар бошқармасининг бошлиғи вазифасидан четлатишди. Сўнгра Фарғонада бошқарма бошлиғи вазифасида вақтинча ишлаётган эдим, у ердан ҳам Қўқонликлар пул йиғиб, Мавлон Умрзоқовга беришиб, мени ишдан олишди. Менинг ўрнимга Рўзматовни қўйишди. Хайрият, дўстлар бор экан, кўчада қолмадим.
Ҳа, нима, эллик-олтмиш минг саводсиз, савиясиз оломон қўлларида таёқ, болта, теша билан бостириб келаверса, отмай нима қилиш мумкин? Отаман-да, от деб буйруқ бераман-да!”, деб янада қатъийроқ ўшқирди Тохир Мулажонов ғазабланган бир тусда.
Ҳақиқатан ҳам ўша Қўқон фожеаларидан ғазабланган, изтиробга тушган Дадахон, ўша йил 7-8 июнь кунлари ўққа учиб, шаҳид кетган бир қанча ёш, навқирон йигитларга қўшиқ бағишлаб, уларнинг номидан фарёдлар қилиб, уч номерали кассета чиқарган эди. Дадахон бугун ўша фожеаларнинг бошида турган ёвуз ниятли кимсанинг қўлида тутқин бўлиб турибди. Ниҳоят у Дадахонни 45 кун бадалида ертўладаги урағонларга калтаклатиб, ундан аламли қасосини олиб, икки томонлама ютуққа эришди. “Юқори”нинг ишончига кирди. Дадахон билан ўзининг шахсий ҳисоб-китобини бараварлаштирди. Ниҳоят баланд мартабаларга эришди. Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув бош бошқармасининг бошлиғи лавозимига кўтарилди. Энг муҳими, “катта”нинг ишончини қозонди ва генерал рутбасига эришди.

Тўртинчи ҳангома

1993 йил 13 август куниси мухожиратдаги Туркистонликлар “Миллий бирлик” қўмитасининг президенти Вали Қаюмхон ота вафот этдилар. Бу машъум хабарни Темур Хўжадан телефон орқали эшитган Дадахон “Озодлик” радиоси эфирларида Қаюмхон отага таъзиялар изҳор этди. Марсия, шеър ва қўшиқлар айтди. Бу “қаттиқ” таъзияномаларга бардош беролмаган ҳукумат, орадан ўн беш кунлар ўтгач, Дадахонни қамоққа олди. Уни Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасига бориб, яна қайтиб келасиз деган баҳона билан ўз уйидан олиб чиқиб кетишиб, Жиззах вилояти, Фориж тумани ички ишлар бўлими ертўласига қамаб қўйдилар. Орадан олти кун ўтгач эса, қора кўзойнак таққан, Андижон шевасида сўзловчи, қоратўридан келган баландбўй бир кимса раҳбарлигидаги беш кишидан иборат тезкор гуруҳ Дадахонни ертўладан олиб, иккита енгил автомашинада Фарғона томонга равона бўлдилар.
Дадахонга “Мен мафияман, рэкетман, мени ҳукуматга ҳеч қандай алоқам йўқ, ҳамма жойда вазирлик идораларида менинг одамларим бор. Мен ички ишлар вазир-пазиридан ҳам, ҳукуматингдан ҳам қўрқмайман, менга общак тўлайсан. Сени бу ерга олиб келиб қаматтирган мен бўламан. Шу ой охиригача общакни тўлайсан, бўлиб-бўлиб тўлайсан. Олтиариқдаги уйингда ўтирасан. Кўчага ҳам чиқмайсан. Тошкентга бориш у ёқда турсин, хатто Тошкентга телефон ҳам қилмайсан. Менинг одамларим сендан хабар олиб туради”, деб Дадахондан уйда ўтириши ва общак пули тўлаши ҳақида тилхат ёздириб олади. Ниҳоят уни Олтиариқ тумани Кафут қишлоғига ташлаб кетишади. Бу бир ўйин эканлигига дарҳол ақли етган Дадахон тилхатни дарҳол ёзиб берган эди ўшанда.
Дадахоннинг кейинроқ аниқлашича, бу воқеалар уни “Эрк” демократик партиясининг навбатдаги қурултойига қатнаштирмаслик учун ўйлаб топилган бир тадбир экан. Аммо Дадахон Олтиариқда икки кун тургач, дарҳол Тошкентга қайтиб, “Эрк”нинг навбатдаги қурултойида фаол қатнашди. Қурултой қатнашчилари Дадахон Ҳасанни қарсаклар билан кутиб олдилар. Қурултойда эса бир қизиқ воқеа бўлиб ўтди.
Дадахонни қурултойга кириб келганлигидан хабар топган Президент девони дарҳол ўз вакилларини жўнатиб, Дадахонни қурултойда сўзламаслиги ҳақида огоҳлантиришди. Агар сўз олиб нутқ ирод қилсангиз, шу ернинг ўзида сизни қамоққа олишади, деб шивирлади юқоридан келган вакил Дадахоннинг қулоғига. Дадахон барибир вазиятга қараб сўзга чиқаман деб турган эди, бироқ воқеалар ривожи Муҳаммад Солиҳ фойдасига хал бўла бошлагач, Дадахоннинг сўзга чиқишига ҳожат ҳам қолмади.
Дадахон Тошкентга етиб келганидан кейин қора кўзойнак таққан, Андижон шевасида сўзловчи ўша қора кучлар гоҳ кечаси ярим тунда, гоҳ кундузи Дадахоннинг Олтиариқдаги уйига бир неча бор келишиб, унинг онаси Қумрихон аяга дўқ-пўписа қилганлар. Уни қўрқитганлар. “Ўғлингга уйда ўтиргин деган эдик, уйда ўтирмади, энди ўзидан кўрсин, уни ўлдирамиз, ўлигиниям кўрмайсан. Қизларини бадном қиламиз”, -дейишган.
Бундай қўрқинчли дўқлардан даҳшатга тушган Қумрихон аянинг қон босими кўтарилиб, юрак хуружи касалига мубтало бўлиб, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай оламдан ўтдилар.

Бешинчи ҳангома

Наманганлик сайловчилар Дадахон Ҳасан номзодини Ўзбекистон Олий Кенгашига депутат қилиб кўрсатишаётганлигини эшитган техника фанлари доктори, профессор Олим Каримов Дадахон билан Наманганга борганларида Наманган шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳар икки “бирлик”чини тутиб учта милиция ходими назоратида Тошкентга жўнатишди. Меҳмонлар Тошкент шаҳар прокуратураси биносига етиб келишди-ю, аммо ҳар икки қайсар “Бирлик”чи прокуратура ичкарисига кирмай назоратчи кузатувчилар кўзини шамғалат қилиб “жуфтакни ростлаб” қолишди.
Улар айланиб-айланиб Тошкент аэропортига боришиб у ердан йўловчи автомошинани кира қилиб яна Наманганга равона бўлишди. Чунки, эртага эрталаб соат тўққизда Дадахоннинг Наманганлик сайловчилар билан учрашуви бор эди. Йўловчи машина Тўйтепа бекатига келганида у ДАН ходимлари томонидан тўхтатилиб, машина обдон текширила бошланди. “Текширув” икки соатча давом этди… Бу холдан йўловчилар ва айниқса ҳайдовчи Мирза исмли йигит ҳайрон эди. “Нима гап ўзи? Тушунмаяпман…” дер эди ҳайдовчи жиғибийрони чиқиб.
Ҳайдовчи шаҳар поликлиникасига олиб борилиб, тиббий текширувдан ҳам ўтказилиб, у спиртли ичимлик ичмаганлиги аниқлангач, машина қўйиб юборилди. Бироқ Бўка тумани ДАН масканига етиб келганида, автомашина яна тўхтатилиб Тўйтепада кечган ҳол такрорланди. Ҳайдовчи тиббий текширувдан ўтказилиб яна икки соат ушлаб турилди.
Воқеаларнинг моҳиятини эса фақат Олим ака ва Дадахонгина биларди. Қолганларнинг фиғони фалакка чиқиб сўкинишиб ўтиришарди. Бу автомашинани кетидан кузатиб келаётган “исковуч” автомашина эса ўзининг давлат номер рақамини тез-тез алмаштирар, Дадахонлар ўтирган автомашинани таъқиб этарди. Машина “Бўка” савхози худудига кириб келганида бу ерда ҳам икки соат ушлаб турилди ва маскандаги карнайдан “тот машина отпустит” деган овоз янграгач, йўловчи машина қўйиб юборилди.
Бу вақтда эса тонг ёришиб ҳам қолган эди. Бу савдоларга ҳайрон боқиб йўл қараб кўзлари тўрт бўлиб бораётган ҳайдовчи Мирзавой ва бошқа йўловчилар “бизларни яна қаерда тўхтатишаркан?” деган ташвиш-изтироб билан сукут сақлаб кетишарди. Машина Наманган шаҳрига кириб келганида соат эрталабки ўнлар бўлиб, Дадахон Ҳасанни кутган сайловчиларнинг барчаси аллақачон уй-уйларига тарқаб кетишган эди…
Учрашув бўлиб ўтадиган кинохона эшигига эса бундан уч кун аввал қулф солинган экан. Ўшанда Дадахон Ҳасаннинг ўрнига ҳукумат томонидан танланган депутатликка номзод Наманган шаҳар машинасозлик заводининг директори Абдувахоб Паттаев Ўзбекистон Олий Кенгашига депутат этиб сайлантирилган эди.

Олтинчи ҳангома

1992 йил августнинг бошлари эди. Дадахон янги қўшиқларини унолғи тасмасига ёзиш мақсадида жой қидириб, икки дўстига – Шоҳимардонни кўриб, холироқ жой топиб келинглар деб буюрди. Шоҳимардонга бориб жой излаган Улуғбек ҳожи ва унинг ҳамроҳи Абдураҳмон эл орасида оғизларидан гуллаб қўйишди шекилли, бу гап “Полвон” исмли агент томонидан вилоят ички ишлар бошқармасининг “еттинчи бўлим”ига “-Дадахон Ҳасан Шоҳимардонда халқни йиғиб, митинг қилмоқчи” бўлиб етиб келибди.
Ўша пайтларда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Тоҳир Муллажоновнинг “пайтавасига қурт тушиб”, Дадахонни назорат остига олиб, уни кузата бошлайди. Унинг хонадони олдида, кўчаси бошида хар турли номердаги енгил автомашиналар пайдо бўлиб, туни кун навбатчилик қилиб, Дадахонни кузатишарди. Ниҳоят Дадахон Бағдод туманидаги салқин бир боғда унолғи тасмасига қўшиқ ёзаётган ерга ҳам уч-тўртта милиция ходимлари кириб келишади. Уларнинг башарасига қараб қўшиқ айтишни ўзига эп кўрмаган Дадахон жойни ўзгартиради. Иккинчи жойда хам пайдо бўлган милиция ходимлари Дадахон унолғи тасмасига қўшиқ айтиб турганида, улар ҳовуз бўйида карта ўйнаб ўтиришарди.

Еттинчи ҳангома

Дадахон 1993 йил 10-сентябрь куниси Тошкентга етиб келгач, унга общак тўлайсан деб дўқ-пўписа қилган қора кучларнинг раҳбари 21-сентябрь куни ярим тунда Дадахоннинг Олтиариқдаги хонадонига келиб, унинг бемор онасини безовта қилади (25-сентябрь куни “Эрк”нинг навбатдаги қурултойи бўлиши керак эди). “У билан Жиззахда келишган эдик, уйда ўтириш керак эди. Ўтирмай кетиб қолибди. Энди ўғлингизга яхши бўлмайди, жуда катта қарзлари бор эди мендан, мендан осонликча қутулмайди у”, деб дағдаға қилади муштипар онага.
Орадан уч кун ўтиб ўша “қора кўзойнак”, қора тўридан келган, Андижон шевасида сўзловчи нусха Олтиариқдаги ҳовли дарвозаси олдида яна пайдо бўлади ва Дадахоннинг онаси Қумрихон аяни чақириб, “Ха холажон, яхшимисиз, тинчмисиз, яхши ўтирибсизми, бардаммисиз, сиз ва Дадахон акамизни бир кўриб, зиёрат қилгани келувдим, мен Саудия Арабистонидан келганман, асли ўзбекман, аканинг қўшиқларини эшитиб, кўп мамнун бўлган эдик, Дадахон ака қанилар, бир зиёрат этсак, дегандик”, – деб қиёфасини ўзгартириб, артистлик қилган эди ўша аслида қора гуруҳ бошлиғи.
Бу гал унинг кўзида қора кўзойнак йўқ. Бошида эса фарғонача дўппи, юзида ясама табассум, арабча оқ кўйлак бор эди. Дадахон Ҳасан эса шу онларда Тошкентда бўлиб, “Эрк” партиясининг навбатдаги қурултойида қиладиган нутқини тайёрлаётган эди.

Саккизинчи ҳангома

1994 йилнинг 9-апрель куни Дадахоннинг Тошкентдаги уйи дарвозаси олдига Андижон номеридаги ГАЗ-24 автомашинаси келиб тўхтайди ва эшик олдида турган Шокиржондан, “Даданг қани?”, деб сўрайди. “Уйда йўқлар”, деган жавобни олгач, ўша Андижон шевасида сўзловчи қора кўзойнак таққан, қора тўридан келган, новча кимса Шокиржонга тўппонча ўқталиб: “Дадангга айт, уйда жим ўтирсин, унинг қарзлари кўпайиб кетди, қарзларини тўламаса, энг аввал мана шу пистолет билан сени отаман. Сўнгра дадангни отаман, сингилларингни ҳам, шуни даданга айтиб қўй”, -деб жўнаб қолади.
Бу воқеани эшитган Дадахон Ҳасан зудлик билан ўша вақтлари давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаётган Мавлон Умрзоқовга телефон очиб: “Менинг сизга арзим бор, мени қабул қилсангиз, гаплашиб олсак” дейди. “Нима гап, телефонда айтаверинг!, дейди давлат маслаҳатчиси.
Дадахон унга воқеани сўзлаб беради. “Сиз жим уйда ўтирсангиз, у ёқ-бу ёқларга бормасангиз, сизга ҳеч ким ҳеч нарса қилмайди”, деб жавоб қилади Мавлон Умрзоқов. Ўшанда Дадахон Ҳасан бор-йўғи Олим Каримовни бетоб деб эшитиб, унинг хонадонига кўргани борган эди холос.

Det här inlägget postades i Дадахон Ҳасан ҳақида. Bokmärk permalänken.