Дадахон ҲАСАНга мактуб!

Абулфайз Баратов

Улуғ ҳофизимизнинг “Янги дунё” сайтида эълон қилинган “Лайло”нинг рост ва ёлғон тарихи ёки бир миш-мишни “ҲАҚИҚАТГА” айлантирганим ҳақида,”- сарлавҳали мақоламга билдирган эътирозини ўқиб, тўғриси жуда-жуда хижолат чекдим. Айниқса, “ёзганларингизнинг бари ёлғон,”- деган гаплари бошимга тўқмоқ бўлиб тегди. У кишининг нега жазаваси тутганлигини дарҳол сездим. Фозилжон Усмонов деган талабани қўшиқчиликда буюк ҳофизимизга тенглаштирганим у кишининг нафсониятига теккан кўринади.
Аслида Рауф Парфининг номини афсоналарга айлантирган Дадахон Ҳасаннинг сеҳрли овози эмасмиди? Бу қўшиқни Илҳом Фармонов бир неча марта айтди. Бошқалар ҳам айтаётган бўлишлари мумкин. Лекин юракларни ўртовчи сеҳрли овозни ҳозирча яратган эгам ёлғиз Дадахонга насиб этганидан кўз юмиб бўлмайди.
Бир вақтлар Рауф Парфи ҳақидаги ҳикояни қайта тиклаб, уни ёзувчи Абулқосим Мамарасуловга кўрсатган эдим, “ҳикоянгиз жуда бўш ёзилган, ўндан кўра Рауф Парфи ҳақидаги хотираларингиз дуруст,”- дегани учун, ҳикояни бир чеккага ташлаб қўйган эдим. Бахтга қарши ҳикоям эълон қилинган газетадан бирон нусха ўзимда қолмаган экан. Лекин ўша йилларда туман газетасида эълон қилинган ушбу ҳикоя Пайариқ осмонида ёз куни момоқалдироқ гумбурлагандек акс-садо берган эди. Ҳали шоир сифатида мутлақо танилмаган Рауф Парфининг ўрнига, биронта немисними, африкалик негрними ҳикоямга қаҳрамон қилиб олиб, уни оёқсизга чиқарганимда ҳам, Дадахон Ҳасаннинг “Лайло”си туфайли ҳикоя машҳур бўлиши турган гап эди. 1991 йилнинг 8 февраль сонида эълон қилинган “Мен Рауф Парфи ҳақида нималарни биламан” мақолам юзасидан Қутби Носир қизининг ёзган мақоласини тўлиғича муштарийлар эътиборига ҳавола қилишга жазм этдим. Ишонаманки, бу баъзибир тушунмовчиликларга чек қўяди. Қуйида Рауф Парфи ҳақидаги ҳикояни эътиборларингизга ҳавола қилаяпман. Жуда бўш ёзилган. Узр.

****

СЕВГАН ҚАЛБ ЖАСОРАТИ

(Ҳикоя)
Бизлар университетда бир группада ўқирдик. Рауф айтарли чиройли эмасди. Аммо босиқлиги, ҳар бир гапни ўйлаб гапириши, кучли иродаси, самимий қалби билан бошқалардан ажралиб турарди. Бир хонада яшаётганимизга беш йил бўлибдики, унинг ҳаёти ҳақида тузукроқ бирон нима билмасдим. У ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмасди. Қўлтиқ таёқларига суянибгига университетга борар, дарслар тугади дегунча тўғри ётоқхонага қайтиб келиб, китоб мутоаала қилишга тушиб кетарди. Рауф ҳар хил кеча ва ўтиришларда ҳам кўринавермасди. Унинг иккала оёғининг ҳам тиззасидан пасти протез эди. Қандай фалокатга йўлиқиб оёқларидан ажраган – буни ҳам билмасдик.
Лайло эса чинамкам соҳибжамол эди.Унинг шаҳло кўзлари димо кулиб турарди. Қоп-қора сочларини икки ўрим қилиб орқасига ташлаб юрадиган бу қизнинг гавдаси шаршарадан оқиб турган тиниқ сувни эслатарди. Ана шундай қиз Рауфни севиб қолганди.
Кейин эса таъна-ю-маломатлар уларнинг бошларига дўлдек ёғила бошлади. Уларнинг самимий севгисига қойил қолганлар ҳам кўп эди. Лекин курсимиздаги баъзи бир тилига кучи етмаганлар пичинг қилиб Лайлонинг қалбини вайрон қиларди. Ана шулардан бири Умида исмли қиз эди. Сочларини доимо каптарнинг уясидек қаққайтириб юрадиган озғин бу қиз оғзига нима келса, қайтармай гапириб юбораверарди.
Шундай бир воқеа эсимда. Шанба куни дарсларимиз эртароқ тугади. Аудиториядан чиқаётганимизда дугоналаридан бири Лайлони кинога таклиф қилиб қолди.
-Афсуски, сизлар билан бора олмайман,- деди Лайло.- Бошим оғриб турибди.
Ўртага Умида суқилди.
-Топган бахонангни қара-ю… Яхшиси ўша ёғоч оёқ билан учрашишим керак дегин, ишонайлик.
Умиданинг безбетлиги ҳаддан ошиб кетганди. Унинг гапини эшитганлар жойида қотиб қолишди. Лайлонинг эса шу пайтдаги аҳволи ўта аянчли эди. Ранги оппоқ бўлиб кетган, ўзи дағ-дағ титрарди. Сўнгра бирданига оҳ урди-да, юзларини қўллари билан бекитганича эшикка отилди. Аудитория ғала-ғовур бўлиб кетди. Ҳамма Умидага нафрат билан қарарди. У ўйламай айтиб қўйган гапининг даҳшатини энди сезгандек, бир бурчакда қимирламай турар, ранги қув учиб кетганди. Мен Лайлонинг полда сочилиб ётган китоб-дафтарларини йиғиштириб олдим-да, қизлардан биттасига бериб, ташқарига чиқдим.
Ўша куни тўғри ётоқхонага бормадим. Анча вақт шаҳар кўчаларида мақсадсиз тентираб юрдим. Умиданинг гаплари нафратимни ошириб юборганди.Ахир, Лайло севгани учун айбдорми? Рауфни камситишга нима ҳаққинг бор? Бундай фалокат ҳар бир кишининг ҳам бошига тушиш мумкин-ку. Бунчалик шафқатсиз, бағритош бўлмасанг, Умида!
Алламаҳалда ётоқхонага қайтиб келдим. Хонамизда чироқ ўчмаганди. Хонамизга яқинлашар эканман, ичкаридан келаётган овозни эшитиб, беихтиёр тўхтаб қолдим. Афтидан Лайло шу ерда эди.
-Бизлар бошқа бирга бўлмаслигимиз керак, Лайло! – деди, Рауф дардли овозда. Мени тўғри тушунинг. Бу таънаю-маломатлар бир куни сизни адойи тамом қилади. Мени деб азоб чекишингизни истамайман.
-Нега ундай деяпсиз?- деб, Лайло йиғлаб юборди. Майли, одамлар гапираверишсин, таъна тошларини отаверишсин. Барига чидайман, бардош бераман. Фақат сиз бундай гапларингиз билан мени қийнаманг.
Рауф унга нима деб жавоб қайтарди. Буни билишнинг иложи бўлмади.Уларнинг гапларига ортиқ гувоҳ бўлгим келмади. Шартта бурилдим-у, ташқарига отилдим. Ўша куни ҳам, кейинги куни ҳам ётоқхонага қайтиб бормадим. Нега бундай қилганимни ҳанузгача тушуна олмайман. Фақат бир нарсани биламанки, мен Рауф олдида негадир ўзимни айбдордек сезардим.
Душанба куни иккаласи ҳам дарсга келишди.Шўрлик Лайло! Ногоҳ айтилган бир оғиз сўз уни адойи тамом қилган эди. Биронтамиз уларнинг юзига тик қарашга ботина олмасдик. Ҳамма ўзини айбдордек сезарди. Кейин ёзги имтиҳонлар бошланиб, ҳаммамиз ўз ташвишимиз билан бўлиб кетдик. Барчамиз имтиҳонлардан муваффақият билан ўтдик. Бугун эса хайрлашув кечаси. Факультетнинг мажлислар залига йиғилишимиз керак. Рауф аллақачон кетиб қолганди. Мен кийиниб хонадан чиқдим.
Зал гавжум эди. Мен олдинги қаторлардан бирига бориб ўтирдим-да, теварак-атрофга назар солдим. Залда негадир Рауф кўринмасди. Ногоҳон кейинги қаторлардан бирида Лайлони кўриб қолдим. У маъюс ҳолда ўтирарди. Беихтиёр унга ачиниб кетдим.
Тусатдан чалинган қарсак хаёлимни бўлиб юборди. Минбардан домлаларимиз жой олаётган эди. Факультетимиз декани бизларга қаерда ишламайлик, университет шаънини пок сақлашимизни, виждонан ва ҳалол меҳнат қилишимизни айтиб, оқ йўл тилади. Кейин факультет бадиий ҳаваскорлик тўгарагининг концерти бошланди.Мен концерт программаларини лоқайдлик билан томоша қилар, негадир кетгим келарди. Кутилмаганда бошловчи навбатдаги программани эълон қилиб қолди:
-“Лайло!” Рауф Парфи шеъри. Қўшиқни муаллифнинг ўзи ижро этади.
Денгиз қирғоғига зарб билан урилган тўлқин остида қолгандек энтикиб кетдим. Қулоқларимга ишонгим келмасди. Мана қўлида рубоб ушлаган Рауф пайдо бўлди. Қўлтиқ таёқсиз саҳна четигача секин-секин юриб келди. Рубобини чалишга ҳозирлар экан, жовдираган кўзлари билан залдан кимнидир изларди.
“Лайлони излаяпти!”- кўнглимдан ўтказдим мен. Бурилиб қарадим-у, титраб кетдим. Лайло шамдек қотиб ўтирар, Рауфдан кўзларини узмасди. Рауф кулимсираб қўйди. Нега кулимсирадийкин? Балки жонидан ортиқ кўрган севган қизига далда бериш учун шундай қилгандир.
Рауфнинг оғзидан қўшиқнинг биринчи сатрлари учиб чиқиб, зални ўзининг сеҳрли оғушига тортди. Бу, Лайлога аталган муҳаббат қўшиғи эди.Севган юрак нола қилар, сўнгсиз илтижолар қалбларни ўртаб жўнбўшга соларди.
Балки ўчган эдим ёдингдан,
Хаёлингни яна буздимми!
Лайло, Лайло сенинг ёнингда,
Бир дам кўрмоқчийдим ўзимни.
Қўшиқ ҳамон жаранглар, юракларни ўртар, қалбларни ларзага келтирарди.
Яна пайдо бўлдим йўлингда,
Йўлларингда яна бўзладим.
Бечора қалб сенинг қўлингда,
Кўзларингда менинг кўзларим.
Мен Рауфнинг қўшиқ айтганини сира кўрмаган эдим.Ҳозир эса у Лайлога қараб бўтадек бўзларди. Нақадар қудратли экансан, севги.
Ҳисларимни йўлларинга маржондек сочай, Лайло!
Агар севгимни рад этсанг, қайларга қочай, Лайло!
Қўшиқ тугади. Залга бир зумлик жимлик чўкди. Ана шу пайтда кутилмаганда саҳнага Лайло кўтарилди. У секин юриб, Рауфнинг олдига борди. Кейин унинг оёқларига тиз чўкди. Залга шунчалик сукунат чўккан эдики. Пашша учса эшитиларди. Бу, бир дақиқалик сукунат эди, холос. Кейин зарб билан чалинган қарсакдан зал қоқ иккига бўлиниб кетгандек бўлди. Қўшиқ сеҳри ва уларнинг саҳнадаги туришлари залдагиларнинг қалбларини тилка-пора қилиб юборганди. Барча қийқиришар, Рауф ва Лайлони олқишлашар, улар эса бошларини кўтарганларича йиғилганларга мағрур боқиб туришарди. Улар шу туришида довул ва бўронларни писанд қилмай мағрур қад кўтариб турган мустаҳкам қояни эслатарди. Уларнинг қалблари ноҳақликка, таъна-маломатларга, фисқу-фасодларга ана шу тарзда исён кўтариб, ўз севгиларини ҳимоя қилишга бел боғлагандилар гўё.
Зал ҳамон гувуллайди. Гўё ҳамма икки ёшнинг бахтини, муҳаббатини олқишлаётгандек тинимсиз қарсаклар чалишар, уларни олқишлашарди.

1965 йил, Пайариқ

****

Изоҳ: Яна таъкидламоқчиман, бу менинг ҳикоячиликдаги биринчи тажрибам эди. “Лайло”ни Дадахон Ҳасандан бошқа биров айтганида, ишончим комилки, бу ҳикоя ҳам ёзилмаган бўларди. Рауф Парфини афсонага айлантирган, мен эмас, Дадахон Ҳасан сиз бўласиз. Бунинг учун ғурурланишингиз керак.
Орадан йиллар ўтди. Пеъсачи Эркин Музаффаров вафот этди.Бундан кўп йиллар муқаддам Самарқанд вилоят “Ленин йўли” газетасининг маданият бўлими мудири, шоир Суръат Орипов, (эндиликда марҳум) бу саргузаштларимни эшитиб, Рауф Парфи 50 ёшга тўлганида ёзишга арзийдиган воқеалар экан, деган эди.”Муштум”да серсақол Рауфнинг суратини кўриб, балки у элликкни уриб қўйгандир,- деб, қўлимга қалам олган эдим.
Рауф Парфи билан ҳеч қачон учрашмаганман. Аммо унинг, “иккала оёғи ҳам йўқ, бунинг устига рубоб чалиб, бўтадай бўзлаб ашула айтади” – деб ўзи ҳақида ҳикоя ёзган ҳаваскор ёзувчини бот-бот эслаб турганлиги ҳақида дўстим Машраб Бобоев кўп гапирарди. Мендан ёзувчи чиқмади. Рауф бу воқеани менга чиндай қилиб гапириб берган бухоролик Сайёрани ҳам, мени ҳам кечирганлигига ишончим комил. Илоё, улуғ шоирнинг қабри нурга тўлсин.
Дадахон Ҳасаннинг эътирози сабабли, ушбу ҳикояни орадан 45 йил ўтганидан кейин қайтадан эълон қилишга мажбур бўлганлигим сабаби, “Янги дунё”нинг муштарийлари мени тўғри тушунишларини истардим.

www.yangidunyo.com

Det här inlägget postades i Дадахон Ҳасан ҳақида. Bokmärk permalänken.

En kommentar till Дадахон ҲАСАНга мактуб!

  1. Abdulfayz aka.
    Mendan yozuvchi chikmadi, debsiz. Mana shu xikoyangizning uzi sizni yozuvchi kilgan ekan.
    Ijodingizga kamol tilab A.Xorazmiy

Kommentarer inaktiverade.