Ахлоқингни тузат, Дадахон Ҳасан

Юсуф Жума

Бу юртда саналар ғаддорлик ахлоқ,
Ахлоқингни тузат, Дадахон Ҳасан.
Беорлик ахлоқдир, шахкорлик ахлоқ,
Ахлоқингни тузат, Дадахон Ҳасан.

Нега кузинг очиқ, сўқирлик ахлоқ,
Ахмоқлик ахлоқдир, кофирлик ахлоқ.
Соғдир мустабидга, сигирлик ахлоқ,
Ахлоқингни тузат, Дадахон Хасан.

Нега сен булбулсан харлик ахлоқдир,
Калхатлик ахлоқдир, морлик ахлоқдир.
Тўнгизлик ахлоқдир, ғарлик ахлоқдир,
Ахлоқингни тузат, Дадахон Ҳасан.

Ахлоқдир гар берсанг дасти қонга даст,
Ахлоқдир қотиллик, эзгуликка қасд.
Ахлоқдир миллатга қирғин, суиқасд,
Ахлоқингни тузат, Дадахон Ҳасан.

Булбулсан, калхатлар кузатадилар,
Ажалли панжасин узатадилар,
Тузат, тузатмасанг тузатадилар,
Ахлоқингни тузат, Дадахон Ҳасан.

Эл ғамин ўтида ўтланувчисан,
Қора курсиларда дудланувчисан,
Юсуфдек бир умр Судланувчисан
Ахлоқингни тузат, Дадахон Ҳасан.

Det här inlägget postades i Дадахон Ҳасан ҳақида. Bokmärk permalänken.