Ҳақ ҳофизи

Холдор Вулқон

Ўзбекнинг нолон булбули Дадахон Ҳасанов мусиқа оламида воқеа бўлган пайтлар биз ёш болалар эдик. У пайтлари “Веф”, “Глала”, “Океан” каби батереяда ишлайдиган радио транзисторлар бўлиб, ҳали электр токи билан ишлайдиган магнитофонлар ишлаб чиқарилмаган эди.
Бўйдоқ йигитлар транзистор кўтариб қизларнинг бошини айлантирар, бизнинг уларга ҳавасимиз келарди. Транзисторлардан Ўзбекистон ҲАҚ ҳофизи Дадахон Ҳасановнинг шлягерга айланган қўшиқлари янграса биз ҳам унга беихиёр жўр бўлиб хиргойи қилардик. Айниқса унинг “Лайло” қўшиғини яхши кўрардим.
Яна пайдо бўлдим йўлингда,
Яна йўлларингда бўзладим.
Лайло, Лайло сенинг ёнингда
Бир дам кўрмоқчийдим ўзимни.
Дилнавозим, дилафкорим
Ёнингга учай, Лайло.
Тишларимни йўлларингга
Маржондай сочар, Лайло
Агар ишқимни рад этсанг
Қайларга кочай, Лайло.
Ўзим ёш бўлсамда севги дарди менда эрта уйғонган, қўшнимизнинг Гуландом деган қизини севиб қолиб, касал бўлиб ётиб қолганман. Бир ҳафтагача кўрпа тўшак қилиб ётдим. Жин чалиб кетган одамга ўхшаб қолганман. Айниқса, Гулини кўчада ё тўйда ёхуд мактабда кўриб қолсам турган жойимда суратдай қотиб қолар эдим. Дадахон Ҳасановнинг ўша қўшиғини эшитсам Гули кўз олдимга келаверарди.Бу гўзал қўшиқ менинг дил розим, севгим ифодаси эди. Ҳар қандай ёмон нарсанинг бир яхши томони бўлганидай у замонларда радио қароқчилар бўлар, бу ғайриқонуний радиостудиялар ўз мусиқий дастурларини ҳаво мавжларига узатиб халққа беминнат, бепул хизмат қилишар, баъзилари ҳаво орқали танишиб, дўстлашиб, ошно – оғайни, қуда- анда бўлиб кетишганларини ҳам гувоҳи бўлганмиз. Мусиқий дастурларнинг бошланиши тахминан шундай бўларди: “Алло, диққат! Оператор, мени эшитяпсизми? Эфир тўлқинларида мен оператор Собир Синантроп. Частота тўлқинлрида чистая моделяция, учта беш, тўққиз ярим балл… Эшитяпсизми, оператор? Оила аъзолар, уй ичи, эшик эллар, бола- чақа тинчми оператор! Мусиқалардан эшитиб кўринг, оператор! Эфир тўлқинларида оператор Собир Синантроп” Шундан кейин Дадахон Ҳасановнинг хониши бошланарди:
“Куйган юрагимни вайрон айлама,
Жон, жон эй, жонимай.
Севар ёрим бормисан?”
Ёки:
“Водил, Қувасой, Олтиариқ, яшнади Риштон,
Фарғона гўзалсан”
Ёҳуд:
“Йигитлар мактубин битганда қондан,
Келинлар ҳасратдан чекканда ёҳу.
Унинг ҳам паноҳи қайтмади жангдан,
Ўн тўққиз ёшида бева қолди у”.
Радио қароқчилар Дадахон Ҳасановнинг қўшиқларини кечасию кундузи ҳавога узатишар, биз болалар радио қароқчи бўлишни орзу қилардик. Дадахон Ҳасановнинг оталари урушдан қайтмаган бўлсалар керак, у киши ота ҳақида куйласа одамнинг юрак бағри эзилиб кетарди:
“Отам билан бирга жангга кетганлар
Менинг отамния кўрмадингизму?”.
Йиллар ўтди, биз улғайдик. Бу йиллар ичида Дадахон Ҳасанов қўшиқлари ҳам ўзгариб борди. Совет Иттифоқи парокандаликка юз тутаётган қайта қуриш замонида Дадахон аканинг қўшиқларида ҳам ижтимоий – сиёсий ранглар пайдо бўла бошлади. У биринчи бўлиб ўзбек мусиқа санъатида сиёсий лирикага асос солди. Дадахон Ҳасановнинг жанговор қўшиқлари эрксевар инсонлар юрагини мавҳ этди, қўйди. Юртда Дадахон Ҳасанов бўрони эса бошлади.
“Наҳорингда пахта, шомингда пахта,
Айвонингда пахта, томингда пахта.
Томирингда пахта, қонингда пахта,
Нега йиғламайсан, она Туркистон?!”
Ёки,
“Ғанимлар келдилар нонингни еб, қонингни сўрмоққа”.
Ёки бўлмаса,
“Қўзғолинг, эй аҳли мўмин,
Ёвга қарши қўзғолинг.
Элни диндан ажратувчи
Ғовга қарши қўзғолинг”.
Ёҳуд,
“Эй, Худо, бу юртнинг айт, Бобурлари ҳам борму?”
Бу қўшиқлар ёнаётган ҳофиз юрагининг ўтли фарёди десак балки тўғрироқ бўлар. Ер юзида шундай одамлар бўладики, улар туғилганларидан то уқбога рихлат қилгунларича таҳликали ҳаёт кечирадилар. Лекин улар ўзларининг бу ҳаётидан мамнун яшайверадилар. Чунки, таҳдидларга уларнинг ўзлари сабабчи. Улар туғма мухолифат. Мазлумларга зулм ўтказаётган золимларнинг мудҳиш жиноятларига хайрихоҳ, бемалол қараб туролмайдилар. Завр аждаҳоларга қарши чиқадилар. Балки бу кураш маюс кўзли рицар Дон Кихотнинг тегирмон паррагига найза урушидай кулгулидир. Лекин зулмга, қабоҳатга қарши чиқса, ҳатто тентак Идолго Кехона кураши ҳам таҳсинга лойиқдир. Мен албатта буюк ҳофизимиз Дадахон Ҳасановни Дон Кихотга менгзамоқчи эмасман. Аксинча, бу жанговор руҳ, сотилмас қалб эгасининг бўйни узра муаллақ турган қаттол режим гилиотинасидан ҳайиқмай, қўшиқлари билан курашишини ўзи ёниб, эриб, тугаб бораётсада зулматни ёритаётган шамнинг фидойилигига тенглайман.

Иншооллоҳ, бу муборак шамнинг жилвали тажаллоси авлодлар юрагидан то абад ўчмагай!

2006 йил, Бишкек.

Det här inlägget postades i Дадахон Ҳасан ҳақида. Bokmärk permalänken.